Ma'lumot yuklanmoqda

2019 йил 29 март санасида “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5712-сон Президент Фармони имзоланди ва мазкур фармон асосида STEM таълимига асосланган Президент мактабларини барпо этиш, STEM бўйича янги ўқув дастурлари ва таълим стандартларини ишлаб чиқиш, қолаверса, 2030 йилга бориб PISA халқаро баҳолаш дастурида кучли 30 та давлат қаторида бўлиш каби вазифалар белгиланди.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирлигининг А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ҳамда АҚШнинг Шимолий Жоржия университети ҳамкорлигида “Мактабларда STE(A)M ва лидерлик” лойиҳаси амалга оширилди. 

Мазкур лойиҳа доирасида инглиз тилида сўзлаша оладиган 26 нафар умумтаълим мактаб раҳбарлари 12 ҳафталик онлайн ва 2 ҳафталик офлайн шаклдаги ўқув машғулотларида иштирок этишди ҳамда STE(A)M фанларини ўзларининг мактабларига жорий этиш ва лидерлик билим-кўникмаларини ривожлантириш имкониятига эга бўлдилар.

Кейинчалик, институтнинг мазкур лойиҳаси материаллари асосида сўровга асосланган таълим, лойиҳага асосланган таълим, кейс-муаммоли вазиятларга асосланган таълим, фанлар интеграцияси каби STE(A)M технологиялари асосида жами 16 та видеодарслар ишлаб чиқилди ва “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформасига юкланди.

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Инновациялар, технологиялар, стратегия ва инновациялар (ITSM) маркази ҳам ушбу мақсадларга эришиш йўлида фаол иш олиб бормоқда ва мамлакатда STEM таълимини такомиллаштиришга катта эътибор қаратмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистонда STEM мактаби” лойиҳаси доирасида республика бўйича 28 та мактаб (ҳар бир вилоятдан 2 та мактаб) STEM мактаблари сифатида танлаб олинди. 

Куни кеча бу борада амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисидаги ахборотларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти, АҚШнинг Шимолий Жоржия университети ҳамда Инновация, Технология, Стратегия Маркази (ITSM) билан ҳамкорлигида "Ўзбекистон мактабларида STE(А)М: бугуни ва эртаси" мавзусида халқаро онлайн конференцияси ўтказилди.

Конферецияда Халқ таълими вазирлиги, А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти, ITSM, АҚШнинг Шимолий Жоржия университети профессорлари ҳамда мамлакатимиз умумтаълим мактаб директорлари иштирок этдилар. 

Унда А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ва Инновация, Технология, Стратегия Маркази (ITSM) томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, “Мактабларда лидерлик ва STEAM” лойиҳаси доирасида мактаб директорларининг психологик портретини ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилган тадқиқот натижалари эълон қилинди.

Шунингдек, STEM мактаблари ўқитувчилари учун маҳорат дарслари ўтказиш ва ўз мактабларида STEM таълимини ташкил этиш ва бошқариш бўйича мактаб директорларининг билим-салоҳиятларини ошириш борасида фикр алмашилди.

www.kkrmoi.uz
Barcha huquqlar amaldagi qonunchilikka binoan himoyalangan.