Ma'lumot yuklanmoqda
Malaka oshirish

Халқ таълими ходимлар малакасини оширишнинг тўғридан-тўғри ва билвосита шаклларини ташкил этиш


1. Халқ таълими ходимлари малакасини ошириш тўғридан-тўғри (таълим дастурлари бўйича ўқитиш) ва билвосита (таълим дастурларисиз ўқитиш) шакллари бўйича ташкил этилади.

2. Халқ таълими ходимлари малакасини оширишнинг қуйидаги тўғридан-тўғри шакллари қўлланилади:

малака ошириш бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасасида (институтда, марказда) ўқитиш;

базавий таълим муассасасида ўқитиш;

«Устоз-шогирд» усули бўйича таълим муассасасида ўқитиш;

мустақил ўқиб билим орттириш;

масофадан туриб амалга ошириладиган таълим;

стажировка шаклида (таълим муассасаларида, таълимнинг бошқарув органларида, хорижда) тажриба орттириш.

3. Малака ошириш бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасасида (институт, марказ) ўқитиш — таълим муассасаларининг якка тартибдаги топшириқлари ёки аниқ йўналтирилган дастурлари асосида, таълимнинг тегишли тури ўқув-тарбия жараёнининг мониторинги натижаларини ва кадрлар тайёрлаш сифатини ҳисобга олиб Давлат талабларига, шунингдек таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган фанлар бўйича мақсадли касбий таълим дастурларини ўзлаштириш.

Малака ошириш бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасасида ўқитиш 2+2 ёки 3+1 схемалари бўйича (тегишли равишда 50 ёки 75% — яшаш жойи бўйича мустақил равишда билим орттириш, 50 ёки 25% — бевосита таълим муассасасида) ўқитиш шаклларида ҳам ташкил этилиши мумкин. Ўқитишнинг бундай шакллари ахборот узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва педагог кадрларнинг малакасини ошириш бўйича махсус виртуал курслар мавжуд бўлган тақдирда қўлланилади.

Базавий таълим муассасасида ўқитиш — Давлат талабларига, тегишли ихтисосликнинг педагог кадрларига қўйиладиган малака талабларига мувофиқ уларнинг касбий билимлари, малака ва кўникмаларини чуқурлаштириш мақсадида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун базавий деб белгиланган таълим муассасаларида фанлар бўйича мақсадли касбий таълим дастурларини ўзлаштиришдир.

Базавий таълим муассасаларида ўқитиш умумкасбий ва махсус фанлар бўйича ходимлар малакасини оширишнинг самарали шакли ҳисобланади, чунки улар тегишли ихтисослик кадрларини тайёрлашга ихтисослашгандир (зарур моддий-техник база билан жиҳозланган, етарлича илмий-методик ва интеллектуал салоҳиятга эга).

Малака ошириш бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасаси ёки базавий таълим муассасасида ўқитиш ходим ишлаб чиқаришдан ажралган ёки қисман ажралган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

4. Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолдаги малака ошириш ходимларнинг ўз иш жойларидан тўла ажралган тарзда малака ошириш муассасасида таълим олишларини назарда тутади.

Ишлаб чиқаришдан қисман ажралган ҳолдаги малака ошириш 2+2 схемаси бўйича (50% бевосита малака ошириш муассасасида, 50% иш жойида мустақил тайёрланиш йўли билан) ёки 3+1 схемаси бўйича (25% бевосита малака ошириш муассасасида, 75% иш жойида мустақил тайёрланиш йўли билан) амалга оширилиши мумкин. Малака оширишнинг мазкур шакли халқ таълими ходимлари малакасини ошириш бўйича маълумотларни узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари ҳамда махсус виртуал курслар мавжуд бўлган тақдирда қўлланади. Малака оширишнинг бундай шакли масофадан ўқитиш шакли ҳисобланиб, бунда тингловчи асосий ишдан ажралмаган ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда тегишли ўқув дастурига мувофиқ малака оширади.

5. Малака оширишнинг масофадан ўқитиш шакли мазкур Низомнинг 18, 19 ва 20-бандларида кўрсатилган малака ошириш шаклларининг таркибий қисми сифатида ҳам амалга оширилиши мумкин.

6. Масофадан амалга ошириладиган таълим курсининг давомийлиги таълим муассасасида ўқишнинг тегишли курси академик соатларида белгиланади, бунда календарь муддатлар академик муддатлардан ортиқ бўлиши мумкин.

Янги билимларни ўзлаштириш даражаси масофавий таълимни амалга ошираётган малака ошириш таълим муассасаси томонидан назорат қилинади.

Масофадан туриб амалга ошириладиган малака ошириш курси дастурини тўлиқ ўзлаштирган ва якуний аттестациядан мувафаққиятли ўтган тингловчиларга давлат намунасидаги ҳужжат (сертификат) берилади.

7. «Устоз-шогирд» усули бўйича таълим муассасасида ўқитиш — танлов асосида танлаб олинган, мамлакатда (минтақада), илмий ва педагогик жамоатчилик ўртасида ўзининг юқори натижалари, касбий фаолиятининг юқори кўрсаткичлари, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш бўйича ўз мактаби билан машҳур бўлган юқори малакали педагог-устозлар раҳбарлигида тегишли типдаги таълим муассасаларида фанлар бўйича педагог кадрларнинг малакасини мақсадли ошириш.

8. Мустақил ўқиб билим орттириш — таълимнинг раҳбар, педагог ва мутахассис кадрлари томонидан касб маҳоратини оширишга, касбий лаёқатини ва илмий дунёқарашни кенгайтиришга йўналтирилган бўлиб, уларнинг ўз лавозими ва мутахассислиги бўйича янги билим, кўникма ва малакаларни узлуксиз равишда мустақил ўзлаштиришини назарда тутади.

Мустақил равишда билим олиш таълим муассасалари (раҳбар ва педагог) кадрлари узлуксиз таълимининг (малака оширишининг) ажралмас таркибий қисмидир, у ахборот технологияларининг эгаллаб олинишини рағбатлантиради. Мустақил таълим, белгиланган тартибда, малака оширишнинг тегишли ўқув дастурлари бўйича амалга оширилган бўлса, билимларнинг якуний назорати натижалари асосида кадрга малака ошириш таълим муассасаси томонидан малака оширганлик ҳақида белгиланган намунадаги ҳужжат (сертификат) берилади.

Малака оширишнинг ушбу шакли ўқув дастурини таълим олувчи томонидан тузилган ва малака ошириш таълими муассасаси томонидан тасдиқланган якка тартибдаги режа асосида мустақил ўқиш воситасида ўзлаштиришни назарда тутади.

Мустақил ўқиб билим орттириш шаклида малака ошириш барқарор юқори профессионал рейтингга эга бўлган, замонавий ахборот технологиялари билан ишлашнинг амалий кўникмаларини эгаллаган, ўзини ўзи камол топтириш жараёнига танқидий ва ижодий ёндаша оладиган тингловчилар учун тавсия этилади.

9. Стажировка шаклида (таълим муассасаларида, таълимни бошқарув органларида, ҳорижда) тажриба орттириш раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларни таълим ва уни бошқариш соҳасидаги фан-техника тараққиётининг энг янги ютуқлари, замонавий техника ва технологиялар билан таништиришни, раҳбарлик салоҳиятини оширишни назарда тутади.

Стажировка хизмат сафарига юбориш тарзида амалга оширилади.

Стажировка тамом бўлгандан кейин кадрларга стажировка муддати кўрсатилган ҳолда уларнинг стажировкадан ўтганлиги тўғрисида тажриба орттирилган муассаса раҳбарининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган маълумотнома берилади.

10. Таълим муассасасида (олий таълим муассасаси, малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълим муассасалари, Республика таълим маркази, педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти ва ҳоказоларда) тажриба орттириш раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларни бошқарув ва таълимнинг замонавий ютуқлари, тегишли мутахассислик бўйича ривожланишнинг устувор йўналишлари, таълим инновацияларини жорий этишнинг самарали усуллари билан таништириш мақсадларини кўзлайди.

Таълимни бошқарув органларида тажриба орттириш ходимларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлайди ва чуқурлаштиради ҳамда турли даражадаги раҳбар кадрлар малакасини оширишнинг самарали шаклларидан ҳисобланади.

Таълим муассасалари ходимларининг хорижда тажриба орттириши хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан мамлакатимиз таълим тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашиш учун ажратилган грантларга мувофиқ, шунингдек таълимни бошқариш органлари билан таълим муассасаларининг ўзлари ўртасида тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.

11. Малака ошириш таълими дастурлари асосида ташкил этилган инновацион менежмент, педагогик ёки ахборот технологияларини ўзлаштириш курсларида ўқиш ҳам халқ таълими ходимлари малакасини оширишнинг тўғридан-тўғри шакллари тарзида амалга оширилади. Ушбу курслар мажбурий бўлмагани ҳолда таълим кадрларининг касбий ўсишига кўмаклашади. Мазкур курсларнинг ўқув дастурлари малака ошириш таълими ўқув дастурларининг муайян қисмини (фан блоклари ёки модулларини) қамраб олган ва малака ошириш таълими муассасаси томонидан (ёки у билан ҳамкорликда) ўтказилган бўлса, курсларни тамомлагандан кейин берилган сертификатларда кўрсатилган ўқиш соатлари ҳажми навбатдаги малака ошириш бўйича зарур соатларнинг жами ҳажмига киради (ҳисобга олинади).

12. Халқ таълими муассасалари ходимлари малакасини оширишнинг билвосита шакллари қуйидагилардан иборат:

таълим муассасасининг илмий (педагогик) кенгаши қарорига биноан ижодий таътил;

очиқ ўқув машғулотлари;

илмий, илмий-методик ва илмий-амалий семинарларда, конференцияларда, август ўқишларида ва шу кабиларда маърузалар билан қатнашиш.

Ижодий таътил — янги ўқув адабиётлари (дарслик ёки ўқув қўлланма) яратиш, замонавий педагогик ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва ўқув-тарбия жараёнига жорий этиш, педагогларнинг касбий фаолияти, йўналиши билан боғлиқ бўлган йирик илмий ишни (монография, диссертация ва ҳоказоларни) тугаллаш учун таълим муассасасининг илмий (педагогик) кенгаши тақдимномасига кўра педагог кадрларга бериладиган таътил.

Очиқ ўқув машғулотлари — замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, ўқитишнинг интерактив усуллари қўлланилган ҳолда академик гуруҳларда жадвал бўйича ўтказиладиган олдиндан эълон қилинган муаммо ёки инновация мавзуси бўйича машғулотдир.

Очиқ ўқув машғулотларига билимларнинг ушбу соҳасидаги тажрибали педагоглар, олимлар ва мутахассислар таклиф этилади.

Ушбу машғулотларнинг сифати таълим муассасасининг кафедрасида ёки илмий (педагогик) кенгашида муҳокама қилинади.

Мутахассисларнинг илмий ва илмий-методик семинарлар, конференциялар, август ўқишлари ва ҳоказоларда маърузалар билан қатнашиши халқ таълимининг долзарб муаммолари, шунингдек ўқув-тарбия жараёнининг юқори сифатини таъминлашга йўналтирилган педагогика фани ва амалиёти, ўқитиш методологияси ва технологиясининг муҳим масалалари бўйича илмий ва илмий-методик маъруза(ахборот)лар билан чиқишлари орқали таъминланади.

13. Малака оширишнинг билвосита шакллари (таълим дастурларисиз ўқитиш) бўйича малака оширган халқ таълими муассасаларининг ходимларига тегишли мазмундаги маълумотнома берилади.

14. Малака оширишнинг билвосита шакллари таълим муассасаси ходимининг навбатдаги малака ошириш курсигача бўлган даврда ўз устида мустақил ишлаши натижаларини баҳолаш ва унинг касбий малака даражасини аниқлашга хизмат қилади, шунингдек педагог кадрларни малака тоифаларига аттестация қилиш жараёнида ҳисобга олинади.

Халқ таълими ходимларини малака оширишнинг мустақил ёки масофавий шаклларига қабул қилишда уларнинг малака ошириш таълимининг билвосита тури бўйича мувафаққиятли шуғулланганлиги шарт ҳисобланади.

Малака оширишнинг даврийлиги ва ўқув юкламасининг ҳажми

15. Халқ таълими ходимлари малакасини оширишнинг даврийлиги ва қанча давом этиши уни ташкил этиш шаклларига ҳамда ходимнинг касбий малака даражасини ва индивидуал касбий эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда Буюртмачи томонидан белгиланадиган талабларга боғлиқ бўлади ва таълим муассасаларининг раҳбар кадрлари учун 3 йилда камида бир марта, педагог кадрлар учун 5 йилда камида бир марта этиб белгиланади.

16. Халқ таълими ходимлари малакасини ошириш тўғридан-тўғри шаклларининг умумий давомийлиги камида 4 ҳафта (144 соат) этиб белгиланади.

Бунда ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада 36 соатни (54 академик соатни), аудитория машғулотларининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада 24 соатни (36 академик соатни) ташкил қилади.

Айрим ҳолларда раҳбар кадрлар малакасини ошириш тўғридан-тўғри шаклларининг умумий давом этиш муддати, асосий ишдан ажралган ҳолда ўқитишда, камида 3 ҳафта (144 соат), аудитория машғулотларининг ва мустақил ишларнинг энг юқори ҳажми ҳафтасига 48 соат этиб белгиланиши мумкин.

17. Аудитория машғулотларининг барча турлари учун 80 дақиқа давом этадиган дарс жуфтлиги белгиланади.

Малака ошириш курсларини ташкил этиш

18. Малака ошириш асосий ишидан ажралган ва ажралмаган, масофадан туриб ўқитиш усуллари қўлланилган ҳамда ўз билимларини мустақил оширган ҳолда амалга оширилади.

19. Малака ошириш курслари Вазирлик ва таълимни бошқариш ҳудудий органларининг (айрим ҳолларда, бевосита узлуксиз таълимнинг тегишли турдаги таълим муассасалари) буюртмаларига биноан йиллик режалар асосида ташкил этилади.

20. Буюртмачилар томонидан навбатдаги календарь йилда малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича буюртмалар кадрнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, қачон ва қайси ўқув юртини битирганлиги, диплом бўйича мутахассислиги, педагогик стажи, иш жойи, лавозими, охирги марта малака оширган вақти ва малака ошириш курси тоифаси кўрсатилган ҳолда Марказий институт, Марказ ва Ҳудудий институтларга етказилади.

21. Марказий институт, Марказ ва Ҳудудий институтлар томонидан мазкур буюртмалар асосида малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича йиллик режа шакллантирилади ва Вазирлик томонидан белгиланган тартибда тасдиқлангандан сўнг буюртмачиларга етказиб берилади.

22. Буюртмачилар мазкур режа асосида ўз тасарруфларидаги таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг тегишлилиги бўйича қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаларига ўқишга етиб боришларини таъминлайдилар.

23. Малака оширишга юборилган ходим тегишли қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан тингловчилар сафига қабул қилинади. Тингловчилар гуруҳини шакллантириш, курснинг ўқув режа ва дастурларини тайёрлашда педагог кадрларнинг базавий маълумоти, мутахассислиги, тоифаси ва эгаллаб турган лавозимлари, шунингдек буюртмачининг талаблари ҳисобга олинади.

24. Малака ошириш курсларидаги ўқув жараёнлари курсларга жалб этилган ходимлар 25 тингловчидан иборат ўқув гуруҳларига бўлинган ҳолда ташкил этилади.

25. Малака ошириш курсларидаги ўқув машғулотлари тасдиқланган намунавий ўқув режалари ҳамда дастурларига мос равишда тузилган ва ҳар бири бир нечта ўқув фани модулларини ўз таркибига олган блок-модулли ишчи ўқув режалари асосида ташкил этилади.

26. Малака ошириш курсларидаги ўқув жараёни амалдаги қоидаларга мувофиқ тузиладиган ҳамда қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланадиган машғулотлар жадвали асосида олиб борилади.

27. Малака ошириш курсларидаги ўқув машғулотлари маъруза, амалий машғулот, лаборатория иши, семинар, ишчанлик ўйини, имитация дарси, тажриба алмашиш дарси, тренинг, интерфаол машғулотлар ва бошқа шаклларда олиб борилади. Айрим ўқув машғулотларини илғор таълим муассасалари негизида ташкил этиш мумкин.

28. Малака ошириш курсларини ташкил қилиш, уларни талаб даражасида ўтказиш, таълим самарадорлигини таъминлаш ҳамда тингловчиларнинг яшаши учун шароит яратиш (таълим муассасасида тингловчилар турар жойи мавжуд бўлса) масъулияти тегишли қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси раҳбари зиммасига юклатилади.

29. Малака ошириш курси тингловчиси курснинг ўқув режасида назарда тутилган барча назорат турларида (оралиқ, якуний) ижобий натижа кўрсатса, курснинг ўқув дастури тўлиқ ўзлаштирилган ҳисобланади. Оралиқ назорат топшириқларини муваффақиятли бажарган тингловчи якуний назоратга қўйилади.

30. Оралиқ назоратларда етарли балл тўплай олмаган тингловчига таълим муассасаси раҳбари рухсати билан (бир кундан сўнг) қайта топширишга имконият берилади. Мазкур имкониятдан ҳам фойдалана олмаган тингловчи тингловчилар сафидан четлаштирилади.

31. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан якуний назоратни ўтказувчи махсус комиссия ташкил этилади. Якуний назорат — қатнашиш шаклида ўтказилади ҳамда якуний тест синовлари ва малака ишини ҳимоя қилишдан иборат бўлади.

32. Оралиқ назорат топшириқларини бажармаган тингловчилар якуний назоратга қўйилмайди, тегишли равишда уларга малака ошириш курсларини тамомлаганлик тўғрисида Давлат намунасидаги ҳужжат (сертификат) берилмайди.

33. Малака ошириш курси дастурини тўлиқ ўзлаштирган ва якуний назоратдан мувафаққиятли ўтган тингловчиларга Давлат намунасидаги ҳужжат (сертификат) берилади.

34. Тингловчи қуйидаги сабабларга кўра тингловчилар сафидан четлаштирилади:

ўқув интизомини ва таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;

таълим дастурларини ўзлаштирмагани (назорат турларини топшира олмагани) учун;

малака ошириш курсидаги дарс машғулотларини узрли сабабларсиз 18 соатдан ортиқ қолдиргани учун;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

тингловчи суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

вафот этганлиги сабабли.

35. Тингловчи малака ошириш курсидан четлатилганда унга сабаблари кўрсатилган ҳолда маълумотнома берилади, шунингдек бу ҳақда уни малака оширишга юборган буюртмачи ташкилотга малака ошириш таълим муассасаси томонидан маълум қилинади.

Малака ошириш курсидан четлатилган ёки якуний назоратдан ўта олмаган тингловчи бир йил ичида буюртмачи ташкилот томонидан унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши тартибида малака оширишга қайта юборилади.

Малака оширишга қайта юборилган ходим малака ошириш курсидан четлатилган ёки якуний назоратдан ўта олмаган тақдирда унинг иш фаолиятини давом эттириши масаласини кўриб чиқиш тўғрисида ходим билан меҳнат шартномаси тузган ташкилотга малака ошириш таълим муассасаси томонидан ёзма равишда маълум қилинади.

www.kkrmoi.uz
Barcha huquqlar amaldagi qonunchilikka binoan himoyalangan.