Ma'lumot yuklanmoqda
Qayta tayyorlash

          Қайта тайёрлашнинг давомийлиги ва ўқув юкламасининг ҳажми

1. Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш Вазирлик томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва ўқув дастурлари бўйича амалга оширилади. Ўқув юкламасини режалаштиришда тингловчиларнинг мустақил ишлашига алоҳида эътибор қаратилади.

2. Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш дастурларини ўзлаштириш муддати ўқув режасига киритилган фанлар сони ҳамда уларнинг юкламалари ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади ва у 16 ҳафтадан (576 соатдан) кам бўлмаслиги шарт. Аудитория машғулотлари ва мустақил ишларнинг ҳафталик юкламаси энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.

Қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш

3. Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи таълим муассасалари буюртмачи эҳтиёжидан келиб чиқиб, ҳудудий халқ таълими бошқарув идоралари билан ҳамкорликда қайта тайёрлаш курсларига буюртмаларни шакллантиради.

4. Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи таълим муассасалари қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш юзасидан вазирликка таклиф билан мурожаат қилади ҳамда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

қайта тайёрлаш курсларида ўқиши режалаштирилаётган тингловчилар (фамилияси, исми ва отасининг исми, қачон ва қайси ўқув юртини битирганлиги, диплом бўйича мутахассислиги, педагогик стажи) ҳақида маълумот;

қайта тайёрлаш курсларини ўтказиш жадвали;

қайта тайёрлаш курслари учун методик таъминотнинг (ўқув-мавзу режа, дастурлар, мажмуалар, ишланмалар ва ҳоказолар) мавжудлиги ҳақида маълумот;

қайта тайёрлаш курсларини ўтказиш учун етарли бўлган илмий-педагогик салоҳиятнинг (маърузачи ва амалий дарсларни олиб борувчи профессор-ўқитувчиларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, илмий даражаси ва илмий унвони, асосий иш жойи) мавжудлиги ҳақидаги маълумот;

қайта тайёрлаш курсларини ўтказиш учун зарур бўлган моддий-техника базасининг (аудитория фонди, компьютер хоналари, фан хоналари, кутубхона ва ҳоказолар) мавжудлиги ҳақидаги маълумот.

5. Мазкур ҳужжатлар Вазирлик томонидан ўрганиб чиқилади ва қайта тайёрлаш курсларини ўтказиш ҳақида хулоса берилади. Қайта тайёрлаш курслари тегишли таълим муассасалари томонидан Вазирлик билан келишган ҳолда амалга оширилади.

6. Қайта тайёрлаш курсларининг методик таъминоти (ўқув-мавзу режалар, дастурлар) тегишли раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи таълим муассасаси Илмий кенгаши томонидан тасдиқланади.

7. Қайта тайёрлаш жараёнида гуруҳдаги курс тингловчиларининг сони, қоидага кўра, 25 нафардан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.

8. Қайта тайёрлаш курсларидаги ўқув машғулотлари белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва Вазирлик томонидан тасдиқланган намунавий ўқув режалар ҳамда дастурлар асосида ташкил этилади.

9. Қайта тайёрлаш курсларидаги ўқув жараёни намунавий ўқув режаларига мос равишда тузилган ва ҳар бири бир нечта ўқув фани модулларини ўз таркибига олган блоклардан иборат блок-модулли ишчи ўқув режалари асосида ташкил этилади. Блоклар ва улардаги модуллар сони намунавий ўқув режадаги жами ўқув соатларидан келиб чиқиб белгиланади ва бунда блокдаги жами соатлар миқдори 36 — 48 соатни ташкил этади.

10. Қайта тайёрлаш курсларидаги ўқув жараёни амалдаги қоидаларга мувофиқ тузиладиган ва малака ошириш таълими муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланадиган машғулотлар жадвали асосида олиб борилади. Аудитория машғулотларининг барча турлари учун 80 дақиқа давом этадиган дарс жуфтлиги белгиланади.

11. Қайта тайёрлаш курсларидаги ўқув машғулотлари маъруза, амалий машғулот, лаборатория иши, семинар, ишчанлик ўйини, имитация дарси, тажриба алмашиш дарси, тренинг, интерфаол машғулотлар ва бошқа шаклларда олиб борилади. Айрим ўқув машғулотларини илғор таълим муассасалари негизида ташкил этиш мумкин.

12. Қайта тайёрлашдан ўтувчи халқ таълими ходимлари қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан тингловчилар сафига қабул қилинади. Қайта тайёрлаш курслари тингловчилари таълим муассасаларида мавжуд бўлган барча ўқув лаборатория, ахборот ресурслари, соғломлаштириш ва маиший хизмат шохобчаларидан фойдаланадилар.

13. Қайта тайёрлаш курси тингловчиси курснинг ўқув режасида кўзда тутилган барча назорат турларида (оралиқ, якуний) ижобий натижа кўрсатса, курснинг ўқув дастури тўлиқ ўзлаштирилган ҳисобланади. Оралиқ назорат топшириқларини муваффақиятли бажарган тингловчи якуний назоратга қўйилади.

14. Оралиқ назоратларда етарли балл тўплай олмаган тингловчига таълим муассасаси раҳбарининг рухсати билан қайта топширишга имконият берилади. Мазкур имкониятдан ҳам фойдалана олмаган тингловчи тингловчилар сафидан четлаштирилади.

15. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан якуний назоратни ўтказувчи махсус комиссия ташкил этилади. Якуний назорат — қатнашиш шаклида ўтказилади ҳамда якуний тест синовлари ва малака ишини ҳимоя қилишдан иборат бўлади.

16. Оралиқ назорат топшириқларини бажармаган тингловчилар якуний назоратга қўйилмайди, тегишли равишда уларга малака ошириш курсларини тамомлаганлик тўғрисида Давлат намунасидаги ҳужжат (диплом) берилмайди.

17. Қайта тайёрлаш курси дастурини тўлиқ ўзлаштирган ва якуний назоратдан мувафаққиятли ўтган тингловчиларга Давлат намунасидаги ҳужжат (диплом) берилади.

18. Қайта тайёрлаш курси таълим дастурларини ўзлаштириш юзасидан қониқарсиз баҳо олган шахсларга якуний аттестация комиссияси хулосалари натижалари бўйича камида 1 ойдан сўнг якуний малакавий ишни қайта ҳимоя қилиш имконияти берилади.

19. Тингловчи қуйидаги сабабларга кўра тингловчилар сафидан четлаштирилганда қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси томонидан унинг қайта тайёрлаш курсида ўқиши учун амалга оширилган тўлови қайтариб берилмайди:

ўқув интизомини ва таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги;

таълим дастурларни ўзлаштира олмаганлиги (назорат турларини топшира олмаганлиги);

қайта тайёрлаш курсидаги дарс машғулотларини узрли сабабларсиз 36 соатдан ортиқ қолдирганлиги;

ўқитиш учун белгиланган миқдордаги тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлиги.

20. Тингловчи қуйидаги сабабларга кўра тингловчилар сафидан четлаштирилганда таълим муассасаси томонидан унинг ўқиган муддати учун ҳақиқатда сарфланган харажатлар чегирилган ҳолда олдиндан амалга оширилган тўловнинг қолган қисми белгиланган тартибда қайтариб берилади:

ўз хоҳишига биноан;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

тингловчи суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

вафот этганлиги сабабли.

www.kkrmoi.uz
Barcha huquqlar amaldagi qonunchilikka binoan himoyalangan.